Британия ЕИдан Брекзит муддатини ортга суришни илтимос қилмоқда

Британия Бош вазири Тереза Мэй.

Британия Бош вазири Тереза Мэй Европа Иттифоқидан Брекзитни 30 июнга кўчиришни илтимос қилмоқда. Бу ҳақда Би-би-си радиосига ҳукуматдаги манба маълум қилган.

Хабарда айтилишича, ҳозиргача ҳукумат аъзолари Брекзит муддатини узайтириш масаласида ягона фикрга кела олмаяптилар.

Дастлаб, Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш муддати 29 март деб белгиланган эди. Бироқ ўтган ҳафтада парламент Европа Иттифоқидан чиқиш муддатини ортга суриш тўғрисида қарор қабул қилган.

Европа Иттифоқи Британия ҳукумати аниқ режани ишлаб чиқмаса, Брекзит муддатини ортга суриш номақбул бўлишини билдирмоқда. Бундан ташқари Брекзит муддатини ортга суриш учун Европа Иттифоқига аъзо барча давлатларнинг розилиги керак бўлади.

Тереза Мэй Европа Иттифоқи Брекзит муддатини ортга суришга рози бўлса, Британиянинг иттифоқдан чиқиши юзасидан режа парламентда қабул қилинишига эришини айтмоқда.

Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши тўғрисидаги референдум 2016 йилнинг июнида ўтказилган эди. Сайловчиларнинг 51,89 фоизи Брекзит учун овоз берган.

Бироқ Британия параламенти ҳукуматнинг Европа Иттифоқи билан эришган шартномаси асосида ишлаб чиқилган Брекзит режасини тасдиқлашдан бош тортиб келаётир.