Мирзиёев Қозоғистоннинг янги президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 20 март куни Қозоғистоннинг янги президенти Қосимжўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, Мирзиёев Тўқаевни президент лавозимига киришгани муносабати билан самимий табриклаб, фаолиятида муваффақиятлар тилаган.

Суҳбат давомида “қардош мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари изчил мустаҳкамланаётгани, стратегик шериклик муносабатлари янги босқичда ривожланиб, кўп қиррали амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди”.

Мулоқотда давлат раҳбарлари олий даражада эришилган келишувларни кенг миқёсда амалга ошириш муҳим эканини қайд этдилар. Минтақавий ва халқаро сиёсатнинг бошқа долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

"Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари баҳор айёми – Наврўз муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги, бутун минтақа тинчлиги ва равнақи йўлида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш борасида интилишлари қатъий эканини тасдиқладилар”,-дейилади расмий хабарда.

Қозоғистонни 30 йил мобайнида бошқарган 79 яшар Назарбоев 19 март куни халққа қилган жонли телемурожаатида истеъфога чиққанини билдирган эди.

Қозоғистон Сенатининг раиси Қосимжўмарт Тўқаев 20 март куни вақтинча президент сифатида қасамёдга келтирилди.