Афғонистонда президентлик сайлови яна бир неч ой ортга сурилди

Мустақил сайлов комиссияси раиси Ҳаво Олам Нуристоний.

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси президентлик сайлови кунини яна бир неча ой ортга сурди.

Сайлов комиссиясининг 20 март куни билдиришича, бундай қарор ҳукуматга тайёргарлик ва пайдо бўлган муаммоларни ҳал этиш учун кўпроқ имконият яратиб бериш мақсадида қабул қилинган.

-Президентлик сайлови, маҳаллий кенгашлар ва Ғазни вилоят кенгашишга сайловлар 2019 йилнинг 28 сентябрида бўлиб ўтади,-деди мустақил сайлов комиссияси раиси Ҳаво Олам Нуристоний.

Афғонистонда президентлик сайловини 20 апрель куни ўтказиш режалаштирилган эди. Бироқ кейинчалик сайлов 20 июлга кўчирилганди.

Кўпчилик кузатувчилар Афғонистонда мазкур муддатларда сайлов ўтказиш имконияти мавжуд эмас, деган фикрни билдириб келаётган эдилар. Негаки, Мустақил сайлов комиссияси ўтган йилнинг октябрида ўтган парламент сайловлари натижаларини шу кунгача аниқлашда давом этмоқда.

Парламент сайловини Нуристоний Афғонистонда сўнгги 15 йилда ўтказилган энг ёмон сайлов деб баҳолаган эди.