Кобулда содир бўлган портлашларда камида олти одам ҳалок бўлди

"Тез ёрдам" ходимлари портлаш чоғида яраланган болани касалхонага олиб кетмоқда. Кобул, 2019, 21 март.

Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби 21 март куни Кобулда содир бўлган портлашларда камида олти одам нобуд бўлганини маълум қилди. Бундан ташқари, камида 23 нафар одам жароҳат олган.

Карти Сахи шиа мақбараси ҳамда қабристони яқинида содир бўлган портлашлар сабаби ҳақида бир-бирига зид хабарлар тарқатилди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Насрат Раҳимий Наврўз байрамини нишонлаш учун одам тўпланаётган пайтда миномётдан ўқ отилганини айтди.

Мудофаа вазирлиги эса оддий фуқаролар уйларига уч ракета отилганини билдирди.

Маҳаллий телеканал шиалар мақбарасига элтувчи йўлни полиция ўраб олганини маълум қилди.

Анъанага кўра, шиа мусулмонлар мақбарага яшил байроқчаларни ўрнатиб, қабрлар ёнида егулик қолдиради.

Ҳозирча ҳужумлар учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз бўйнига олгани йўқ.