Литва фуқароси Google ва Facebookдан юз миллион доллар ўғирлаганини тан олди

Литва фуқароси Эвальдас Римасаускас Google ва Facebookка алоқадор бўлган Интернет ширкатларидан товаламачилик билан юз миллион доллардан кўпроқ пулни ўғирлаганини тан олди.

Нью-Йорк жанубий округи прокурорининг билдиришича, 50 ёшли Эвальдас Римасаускас Литвада Тайвандаги машҳур Quanta ширкати номига ўхшаш номга эга бўлган ширкатга асос солган. Quanta ширкати технология маҳсулотларини сотиш билан шуғулланган.

Римасаускас Quanta мижозлари бўлган ширкатларнинг электрон почталарни бузиб кириб, маълумотларни ўғирлаган. Мазкур маълумотлар асосида у гўёки Quanta етказиб берадиган янги технологиялар учун ҳисоб рақамларига пул ўтказишни илтимос қилган.

2013 илдан 2015 йилгача ширкатлар унинг Латвия ва Кипрдаги банк ҳисобига 123 миллион долларга яқин пул ўтказган. Бу ҳисобларга тушган пуллар тезликда Римасаускаснинг Латвия, Кипр, Словакия, Венгрия ва Ҳонконгдаги бошқа ҳисобларига ўтказилган.

Римасаускас АҚШ сўрови билан Литвада 2017 йилнинг мартида қўлга олинган ва ўша йилнинг августида АҚШга экстрадиция қилинган. Мазкур иш Нью-Йорк жанубий округи прокуратураси томонидан тергов қилинган.

Римасаускасга нисбатан суд ҳукми 24 июлда ўқилиши кутилмоқда. У 30 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.