Янги Зеландияда намоз пайтида отиб ўлдирилган мусулмонлар ҳақига дуо қилинди

Янги Зеландия бўйлаб жума намози пайтида отиб ўлдирилган мусулмонлар хотирасига дуо қилинди. 2019, 22 март.

Янги Зеландия бўйлаб жума намози пайтида отиб ўлдирилган мусулмонлар хотирасига дуо қилинди. “Ал-Нур” масжидида азон айтилар экан, минглаб одам, жумладан, мамлакат бош вазири Жасинда Ардерн масжид ёнидаги паркка тўпланди. Маросим, шунингдек, радио ва телеканаллар орқали эфирга узатилди.

15 март куни Крайстчерч шаҳрида оқ танли ирқчи иккита масжидга қилган ҳужум оқибатида 50 киши қурбон бўлди, 40 дан ошиқ одам жароҳат олди.

Ҳужумни амалга оширишда айбланиб 28 ёшли австралиялик Брентон Таррант қўлга олинган. У жума намоз вақтида “Ал-Нур” масжидига бостириб кириб, намозга келган мусулмонларни ўққа тутган. Кейин ҳужумчи Линвуд масжидига бориб, у ердаги мусулмонларни ҳам отган.

Куни кеча Янги Зеландия ҳукумати яримавтоматик ҳамда йирик патронли ўқотар қуроллар савдосини ман этди.

Таррант устидан навбатдаги суд эшитиши 5 апрель кунига белгиланган.