Тошкент ИИББ янги формани танқид қилганларни танқид қилди

ИИББ муҳокамага қўйган янги форма

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) муҳокамага қўйган янги формани танқидга кўмиб ташлаганларга мурожаат эълон қилди.

"Танқид конструктив, танбеҳ эса тўғри бўлиши керак" сарлавҳали мақоласида ИИББ матбуот хизмати, аксар шаҳр қолдирувчилар "одоб ва андиша" ҳақида ўйламайди, деб қайд этди.

"Шарҳ қолдираркан, одоб ва андиша ҳақида ўйлайдиган, таклифни танқидий таҳлил қила оладиган, айниқса ўзи бирор амалий таклиф бера оладиганлар оз, деган хавотирли хулосага келаяпмиз", деб ёзди матбуот хизмати.

ИИББ танқидлар остида қолиб кетган янги формани шу йилнинг 17 мартида синов тариқасида Тошкентда тақдим қилди.

Янги кийим ижтимоий тармоқларда қизғин мунозара, кўпроқ танқидга сабаб бўлди. Танқидчилар бу кийимни Иккинчи жаҳон уруши давридаги немис нацистлари кийимига қиёслади.

ИИББ эса, бу танқидларга жавобан, янги форманинг Польша, Германия, Финляндия ва бошқа кўплаб давлатлар полицияси кийимига мослигини таъкидлади.

Шунингдек, танқидчиларни "янгиликдан қўрқмаслик ва амалий мулоқот"га чорлаб, ИИВ ходимлари кийими бўйича ўз таклифини йўллашга чақирди.

ИИББ матбуот хизмати янги форма ҳимояси учун дунёнинг 20га яқин давлатидаги полициячиларнинг кийимлари суратини ҳам илова қилди.