Руминия Тел-Авивдаги элчихонасини Қуддусга кўчирмоқчи

Руминия бош вазири Виорика Дэнчилэ.

Руминия Исроилдаги элчихонасини Тел-Авив шаҳридан Қуддус шаҳрига кўчириш ниятида. Бу ҳақда Руминия бош вазири Виорика Дэнчилэ Жамоатчилик билан алоқалар бўйича АҚШ-Исроил қўмитасининг (AIPAC) 24 март куни Вашингтонда бўлиб ўтган конференциясида қилган чиқишида билдирди.

Руминия бош вазири ўз мамлакатининг Европа Иттифоқидаги раислиги вақтидан “Исроил ва бутун ЕИ ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш” учун фойдаланишга ҳаракат қилишига ишонтирди.

AIPAC АҚШ ва Исроил ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кўмаклашувчи нуфузли ноҳукумат ташкилоти бўлиб, унинг ҳар йили бўлиб ўтадиган конференцияларида халқаро миқёсдаги юқори лавозимли сиёсатчилар иштирок этадилар.

2017 йил декабрида АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олиб, Қўшма Штатлар элчихонасини ўша ерга кўчириш ҳақида эълон қилган. Дипломатик ваколатхонанинг расмий очилиши 2018 йилнинг май ойида бўлиб ўтган.