Матбуот хизмати: Бош прокуратура раҳбарияти 1 кунда 103 фуқарони қабул қилди

Бош прокурор Отабек Муродов навбатдаги аризачи билан суҳбатлашмоқда. Тошкент, 2019, 25 март.

​24 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов ўринбосарлари ва тармоқ раҳбарлари иштирокида Тошкент вилоятида ўтказган сайёр қабул давомида 103 нафар фуқаро қабул қилинди. Шундан 14 нафар фуқаронинг мурожаатлари жойида қаноатлантирилди. Бу ҳақда Озодликка Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

​Айни пайтда 6 фуқаронинг манфаатига чиқарилган суд қарорлари асосида 200 млн. сўмлик суд қарори ижроси таъминланган.

"Хусусан, фуқаро Т. Ашировнинг уй-жой учун қадастр хужжатлари расмийлаштирилиши, фуқаро Х. Жўраеванинг ханадонида ичимлик суви йўқлиги ҳақида мурожаати бўйича хонадонига ичимлик суви келтирилиши таъминланди, 2 фуқаронинг ЖИБ суд қароридан норозилиги ҳақидаги мурожаати юзасидан судга протест қиритилди, 7 фуқаронинг уй-жойи бузилиши юзасидан 2.8 млрд. сўм конпенсация пуллари тўлаб берилиши таъминланди. Қолган 86 та муроажаат кўриб чиқилмоқда", дейилган Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

25 март куни Бош прокурор Отабек Муродов Ички ишлар вазирлигининг Маданият саройида сайёр қабул ўтказди.

ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонасида Президент Администрацияси томонидан сайёр қабул ўтказилган.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, вилоят судлари раислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

“Барча даражадаги раҳбарларнинг аҳоли билан бевосита мулоқот қилиши, айниқса, сайёр қабуллар орқали мурожаатчилар ҳузурига бориши уларнинг адолатга, давлатга, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, очиқ мулоқотларда аҳолига муносиб иш ва турмуш шароити яратиш борасида бор куч ва имкониятлар ишга солинаётир”, дейилган ЎзА хабарида.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 2 ойида 5 минг 600 жисмоний ва юридик шахс вилоят, туман ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган. Мурожаатларнинг 3 минг 500 дан ортиғи, яъни 63 фоизи қаноатлантирилган.

Шу даврда вилоятда 530 дан ортиқ сайёр қабул ўтказилиб, 4 минг 500 дан зиёд мурожаат қабул қилинган. Уларнинг қарийб 2 мингтаси қаноатлантирилган.