Ғафур Раҳимов истеъфосидан сўнг бокс Токио олимпиадаси дастурига киритилиши мумкин

2018 йилнинг 3 ноябрь куни Ғафур Раҳимов AIBA президенти этиб сайланган эди.

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ)нинг 26-28 март кунлари Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ўтаëтган навбатдаги йиғинида боксни 2020 йилги Токио олимпиадаси дастурида қолдириш масаласи кўриб чиқилади.

Мазкур йиғинда Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) фаолиятини тафтиш қилиш бўйича тузилган махсус комиссиянинг ташкилотдаги ислоҳотлар ҳақидаги якуний хулосаси ҳам кўриб чиқилади.

АҚШ Молия вазирлиги томонидан халқаро наркогуруҳларга алоқадор шахс сифатида қора рўйхатга киритилган ўзбекистонлик Ғафур Раҳимовнинг Халқаро бокс ассоциацияси президенти этиб сайланишига жавобан ХОҚ 2018 йилнинг 30 ноябрь куни боксни 2020 йилги олимпиада ўйинлари дастурига киритиш-киритмаслик бўйича қарор беришни тўхтатиб қўйган эди.

Бокснинг олимпиада ўйинлари рўйхатида қолиши учун қўмита Халқаро бокс ассоциацияси олдига молиявий муаммоларини ҳал қилиш¸ бошқарувини ислоҳ қилиш каби қатор шартларни қўйган эди.

Ўтган ҳафта охирида Ғафур Раҳимов AIBA президентлигига вақтинчалик истеъфо берди.

25 март куни Россия бокс федерацияси бош котиби Умар Кремлев ассоциация президентлигига даъвогарлик қилиши мумкинлигини билдирди.