Қозоғистонда икки кундан буён Қаламқас нефть кони ёнмоқда. “ҚазМунайГаз” миллий ширкатига тегишли “Манғистаумунайгаз” акциядорлик жамияти томонидан 1996 йилдан бери ишлатиб келинаётган ушбу кон мамлакат ғарбидаги Мангистау вилоятида жойлашган.
Қозоғистон ИИВ Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари Владимир Беккерга кўра, “бу улкан техноген ҳалокат эмас, чунки нефтнинг ўзи ёнмаяпти, қурбон бўлган ва жароҳатланганлар йўқ”. Энергетика вазирининг ўринбосари Сабит Нурлибайнинг қайд этишича, конга энг яқин аҳоли пункти ёнғин еридан 70 км узоқликда, атроф-муҳитга эса шу тобда сезиларли зарар етказилгани йўқ.
13 март куни Қаламқасда фавқулодда вазият рўй берган: қудуқларнинг биридан газ-сув аралашмаси отилиб чиққан ва “грифон” ҳосил бўлган. Нефтчилар “грифон” деб ер остидан режасиз газ отилиб чиққан жойни аташади. 13 мартдан 24 мартгача кондаги “грифонлар”нинг катта қисми бартараф этилган. Бироқ улардан бирида кучли босим бўлгани учун 25 март куни газ-сув аралашмаси манбаси ўт олган ва ёнғин келиб чиққан.
“Ёнғин бурғуланаётган қудуқлардан бирининг устида содир бўлди”, дея изоҳ берди энергетика вазирининг ўринбосари Бўлат Ақчулақов 26 март куни.
Аланга ҳали ўчирилмаган. Аммо Қозоғистон ИИВ Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари Владимир Беккер 26 март куни ёнғин жойига Атираудан қўшимча техника жўнатилгани, кечгача ўт ўчирувчилар оловни бартараф этишни режалаштиришаётганини айтиб ўтган.
Мангистау вилояти табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси прокурори вазифасини бажарувчи Малик Оспанов 26 март куни ёнғин муносабати билан жиноий иш очилгани, чунки компания раҳбарияти фавқулодда вазият ҳақида ҳокимият расмийларига ўз вақтида хабар бермаганини маълум қилган.