Беларус Ўзбекистонга дори-дармон экспортини сезиларли даражада кўпайтирмоқчи

Иллюстратив сурат.

Беларус Ўзбекистон бозорига экспорт қилинаётган фармацевтик маҳсулот ҳажмини сезиларли даража ошириш ниятида. Бу ҳақда Беларус соғлиқни сақлаш вазири Валерий Малашко Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг маълум қилган.

“Агар ўтган йили биз (Ўзбекистонга) 2,6 миллион долларлик фармацевтик маҳсулот етказиб берган бўлсак, бу ташриф якунларига кўра, 2019 йили $4,7 миллион долларлик маҳсулот сотамиз, деб ўйлайман”, дея иқтибос келтиради Беларус соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вазир Малашко сўзларидан.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Беларусда ишлаб чиқарилаётган фармацевтик маҳсулотлар Ўзбекистон бозорида катта улушга эгалигини урғулаган. 2018 йилнинг сентябрь ойига келиб Ўзбекистонда Беларусда ишлаб чиқарилган 244 номдаги дори-дармон, тиббий жиҳоз ва техника қайдга олинган.

Вазир Шодмонов Беларусга сафардан асосий мақсад соғлиқни сақлаш бўйича маҳаллий тажрибани ўрганиш эканини айтган. Унга кўра, ўзбек шифокорларини онкологик касалликларга қарши кураш усуллари, фармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, бирламчи ва махсус юқори технологик ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби соҳалар қизиқтиради. Бундан ташқари, Беларус тиббиёт олийгоҳларида ўқиётган ўзбек талабалари сонини кўпайтириш ҳам режаланмоқда.

25 март куни Минскка келган ўзбек тиббиётчилари бу мамлакатда 28 мартгача бўлиши кутилаяпти.