"Осиё айиғи" яна пичоқланди

Иллюстратив сурат.

"Осиё айиғи" лақаби билан танилган аралаш жанглар устаси Мурод Хонтўраев 27 март куни пичоқланди. Бу ҳақда GoSport.uz нашри ўз манбалари маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Хонтўраевга ўз яқинларидан бири пичоқ билан ҳужум қилганини ёзган нашр можародан сўнг унга тиббий ёрдам кўрсатилгани, спортчининг жароҳати у қадар жиддий эмаслигини қайд этган.

Мурод Хонтўраев ўтган йил ноябрида "Тошкент" савдо маркази яқинида пичоқланиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Мурод Хонтўраев 2018 йилнинг 20 июнь куни Тошкентдаги "Аурум 898" тунги клуби яқинида безорилик қилганликда айбдор деб топилиб, 16,2 миллион сўм жаримага тортилган эди.