Хитой Қозоғистонга Шинжон-Уйғур мухториятида экстремизмга қарши курашни “қўллаб келаётгани” учун миннатдорчилик билдирди

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Бейбут Атамқулов хитойлик ҳамкасби Ван И билан. Пекин, 2019, 28 март.

Хитой Шинжон-Уйғур мухториятида амалга ошираётган тадбирларини “қўллаб келаётгани” учун Қозоғистонга миннатдорчилик билдирди.

28 март куни Хитой ташқи ишлар вазири Ван И қозоғистонлик ҳамкасби Бейбут Атамқулов билан Пекинда учрашди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баённомага кўра, Атамқулов ўз мамлакати ”Хитойнинг Шинжон-Уйғур ҳудудида терроризм, сепаратизм ҳамда экстремизмга қарши курашиш мақсадида кўрилаётган чораларни қўллашини” айтган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг Атамқулов ташрифи ҳақидаги билдирувида эса Шинжон-Уйғур мухторияти ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Аммо вазирликнинг 28 март куни эълон қилинган билдирувида икки вазир Хитойда яшаётган этник қозоқлар масалаларини муҳокама қилгани айтилади.

Хитойнинг ғарбида жойлашган Шинжон-Уйғур мухториятида мамлакат расмийлари маҳаллий этник гуруҳлар, жумладан, қозоқлар ҳуқуқларини бузиб келаётган айтилади. Хусусан, халқаро ҳамжамият Хитойни уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон гуруҳларни "қайта тарбиялаш лагерлари" аталмиш муассасаларга жойлаштиргани учун кескин қоралаб келади.

Ўтган йилда бир гуруҳ БМТ экспертлари эълон қилган ҳисоботда бир миллионга яқин одам “аксилтерроризм марказлари”да ушлаб турилгани айтилади. Бундан ташқари, ҳисоботда миллионлаб бошқа одам “қайта тарбиялаш лагерлари”га қамалаётгани эътироф этилган.

Хитой расмийлари бу марказлар қамоқ лагерлари эмас, балки аҳолини терроризмдан сақлашни кўзловчи “касб-ҳунар ва таълим марказлари” эканлигини таъкидлаб келади.

Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурлар билан бир қаторда қозоқлар, қирғизлар, тожиклар ҳамда дунганлар яшайди.