Кўрилган чора-тадбирлар натижасида, жорий йилнинг икки ойида: мамлакат бўйлаб 4.246 та жиноят содир этилган, бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига (5.811) нисбатан 27%га камайган, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.
Тилга олинган хизмат ўз хабарида Ўзбекистонда жиноятлар миқдорига оид кўрсаткични постсовет давлатлардаги кўрсаткичларга қиёслаган. Айтилишича, Ўзбекистонда 100 минг аҳолига ўртача 13,3 та жиноят тўғри келмоқда. Айни пайтда, бу кўрсаткич Тожикистонда – 40, Озарбайжон – 44, Молдова – 150, Россия – 225, Қозоғистон – 240 ни ташкил этади.
Бош прокуратурага кўра, жиноят содир этганлиги учун қидирилаётган шахсларнинг 277 нафари ушланган, 346 та жиноят иши судларга юборилган.
Шунингдек:
фош этилмаган жиноятлар сони (87) ўтган йил билан (144) солиштирганда 40% га камайган;
содир этилган барча қотиллик, босқинчилик, оғир тан жароҳат етказиш, номусга тегиш жиноятлари тўлақонли фош этилган;
жиноят содир этган 93 нафар шахснинг хорижий давлатлардан экстрадицияси таъминланган.
Матбуот хизматига кўра, жиноятлар миқдорининг камайиши Бош прокуратуранинг Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда жиноятларни фош этиш бўйича комплекс чоралар кўргани самарасидир.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида, яна шундай дейилган:
жойларда амалий ёрдам кўрсатиш учун Бош прокуратура ва ИИВ ходимлари таркибидан доимий фаолият юритадиган ишчи гуруҳлар ташкил этилди;
жиноятларни тезкор фош этиш бўйича ҳудудларда тажрибали ходимлар (экспертлар, криминалистлар, терговчилар)дан иборат ишчи гуруҳлар тузилди;
жорий йилнинг 1 мартидан электрон жиноий-хуқуқий статистика оид ягона ахборот тизими ишга туширилди;
онлайн режимда назорат имконини берувчи фош этилмаган жиноятларнинг ягона электрон базаси яратилди;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланувчи органларнинг ҳамкорлигини таъминловчи дастурий илова яратилди ҳамда Навоий вилоятида синов тариқасида ишга туширилди;
ихтиёрий таслим бўлса, эҳтиёт чораси ўзгартирилиши ҳақида қидирилаётган шахсларнинг қариндошларига тушунтиришлар берилмоқда.