Қарийб бир кеча-кундуз ёмғир ёғиб Самарқанд кўчаларини сув босди

Қарийб 16 соатдан бери тўхтовсиз ёғаётган ёмғирдан сўнг Самарқанд шаҳрининг бир қатор кўчаларига сув тошди, деб хабар қилди маҳаллий нашрлар.

Бунга кўчалардаги ёмғир сувлари оқиб кетадиган дренаж ариқларининг интенсив тўлиб қолиши сабаб бўлган.

Айниқса, шаҳарнинг марказий Регистон ва Даҳбед кўчалари чорраҳасида транспорт ҳаракати фалаж бўлиб қолган.

Шунингдек, Буюк ипак йўли, Афросиёб, Маҳмуд Қошғарий, Мир Саид Барака, Оби Раҳмат, Муқумий, Ўзбекистон, Амир Темур, Конимех, Мўлиён-Сочакий кўчаларида ҳам сув тўпланиб қолган.

Айни вақтда Самарқанд вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари ободонлаштириш бўлими, ёнғин хавфсизлиги бўлими ва «Сувоқова» корхонаси билан ҳамкорликда табиий ҳодиса оқибатларини бартараф этиш борасида ишларни олиб боришмоқда.

Бир қатор кўчаларда транспорт қатнови тикланган. Айрим кўчаларда ҳануз тозалаш ишлари олиб борилмоқда.