Эрдўғоннинг партияси Анқара ва Измир мэрлигига ўтказилган сайловда мағлуб бўлди

Туркия. Сайлов участкасида овозларни санаш жараёни.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон 31 март куни ўтган маҳаллий сайловларда ўзининг исломий АК партияси ғалаба қилганини эълон қилди. Бироқ мазкур партия иккита катта шаҳарда мағлубиятга учради.

-Ҳар бир ғалаба ва ҳар бир мағлубият халқимизнинг хоҳиш иродасидир. Биз бу фактни демократиянинг узвий хосиласи сифатида қабул қилишимиз шарт, - деди Эрдўғон.

Расмий маълумотда айтилишича, овозларнинг 90 фоизи санаб бўлинган ҳолатга қараганда, АК партиясини сайловчиларнинг 45 фоизи қўллаб-қувватлаган.

Республика халқ партияси эса 30 фоиз овоз олиб иккинчи ўринни эгаллади. Бироқ мазкур партия Анқара ва Измир мэрлигига бўлган сайловда ғолиб чиқди.

Истамбул мэрлигига сайловда эса бирорта партия вакили етарли овоз ололган эмас.