Араб давлатлари лигаси Исроил Ғўлон тепаликларини босиб олган деб ҳисоблашда давом этади

Араб давлатлари лигаси Бош котиби Аҳмад Абул Ғайт.

Араб давлатлари лигасининг Тунисда 31 март куни якунланган саммитида АҚШ Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди сифатида тан олганига норозилик билдирилди.

-Халқаро ҳамжамиятга чақириқни кучайтириш ва БМТ Хавфсизлик кенгашидаги Араб давлатлари вакилига Халқаро Суднинг юридик хулосаси билан биргаликда АҚШ қарори ноқонуний экани тўғрисидаги резолюция лойиҳасини тақдим этишга кўрсатма бериш тўғрисида қарор қабул қилинди, - деди Араб давлатлари лигаси Бош котиби Аҳмад Абул Ғайт.

Араб давлатлари лигаси Ғўлон тепаликлари Сурия ҳудуди эканини тан олишда давом этади.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Сурияга қарашли 1800 квадрат километрли Ғўлон тепаликларини босиб олган эди. 1981 йилда Исроил Ғўлон тепаликларини аннексия қилганини расман билдирган. Халқаро ҳамжамият бу аннексияни тан олган эмас.

Шунга қарамай, президент Дональд Трамп 25 март куни АҚШ Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди деб тан олиш тўғрисидаги қарорни имзолади.