Ҳалилзод: 2019 йил Афғонистон учун тинчлик йили бўлади, деб умид қиламан

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод 2 апрель куни Озодлик радиосига берган интервьюсида, 2019 йил Афғонистон учун тинчлик қарор топадиган йил бўлишига умид қилишини билдирди.

-Бир вақтнинг ўзида ҳам президентлик сайлови ўтказиш, ҳам тинчлик ўрнатиш учун тайёргарлик кўриш лозим. Толибон Афғонистон ҳукумати билан сайлов ўтадиган сентябрь ойигача тинчлик шартномасига эришса яхши бўлар эди. Тинчлик бўйича ҳар қандай шартнома зудликда кучга киради,- деди Ҳалилзод.

АҚШ вакили бир неча ойдан бери Толибон расмийлари билан Қатарда қатор музокараларни ўтказди.

Толибон афғон ҳукуматини нолегитим деб ҳисоблагани ортидан фақат АҚШ билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳолат Афғонистон ҳукуматини норози қилаётир.

Март ойида Афғонистон президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳалилзодни афғон ҳукумати расмийлари иштирокисиз музокаралар ўтказаётгани учун кескин танқид қилган эди.