Озодликнинг Туркманистондаги мухбири автоҳалокат оқибатида вафот этди

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбири Аманмурад Бугаев.

Туркманистонда автоҳалокат оқибатида Озодлик радиоси туркман хизмати мухбири Аманмурад Бугаев вафот этди.

68 ёшли Аманмурад Бугаев 3 апрель куни журналистик топшириқни бажариб, Балқон вилоятидан қайтаётганида, у кетаётган такси ҳалокатга учраган. Журналист Болқон вилоятига сув тошқини оқибатида юзага келган вазиятни ўрганиш учун борган эди.

Аманмурад Бугаев фаол ва тажрибали журналистгина эмас, балки Туркманистонда таниқли шоир, публицист ва ёзувчи эди. Мустақилликнинг биринчи йилларида у Туркманистон адабиёт фондига раҳбарлик қилган, ёзувчилар иттифоқининг котиби бўлган. Бунга қадар у телевиденияда муҳаррир бўлиб ишлаган, даврий нашрларга раҳбарлик қилган.

Аманмурад Бугаев 15 йилдан кўпроқ вақт мобайнида Озодлик радиосида ишлади. У оддий туркманларнинг долзарб муаммоларини ёритиб келди. Сўнгги йилларда у Туркманистон ва туркманлар тарихи юзасидан илмий изланишларни олиб бораётганди.

Озодлик радиоси Аманмурад Бугаевнинг оила аъзолари, яқинлари, қариндошлари ва ҳамкасбларига чуқур таъзия билдиради.