Президент ёшларни тарбиялаш бўйича бешта ташаббусни эълон қилди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, биринчи ташаббус бўйича ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этишга оид дастур лойиҳаси тайёрланган.

Дастурга асосан 2019-2020 йилларда 14 дан 30 ёшгача бўлган 2 миллион нафар ёшни маданият ва санъатга жалб этиш назарда тутилган.

Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, спорт иншоотлари қувватини оширишга қаратилган. Мазкур дастурга асосан 2 йилда ҳар бир туманда енгил конструкцияли, сендвич панелли кичик спорт заллари қурилади.

Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларига оид дастур доирасида 2019-2020 йилларда туман ва шаҳарларда рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этиш ва уларда бепул таълим бериш, 19 мингга яқин ижтимоий соҳа объектини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш кўзда тутилмоқда.

Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирларидир. Бу ташаббус доирасида ҳар бир ҳудудга 1 миллион донадан бадиий, тарихий, илмий, оммабоп мавзулардаги китоблар етказиб бериш кўзда тутилган.

Бешинчи ташаббус бўйича ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари дастури лойиҳаси тайёрланган. 2019-2020 йилларда ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва аёлларни банд этиш белгиланган.