Истанбулнинг янги аэропорти ишга туширилди, Отатурк аэропорти ёпилди (ВИДЕО)

Истанбулнинг янги халқаро аэропорти.

Узоқ йиллар мобайнида Туркиянинг энг йирик ва Европанинг йўловчи ташиш бўйича энг катта аэропортларидан бири бўлиб келган Отатурк номидаги Истанбул халқаро аэропорти шанба кунидан бошлаб самолётларни қабул қилишни ва парвозларни амалга оширишни тўхтатди.

Бунга Turkish Airlines миллий авиаширкати янги аэропортга кўчгани сабаб бўлди. Хабарда айтилишича, Истанбулнинг Европа қисмида Қора денгиз соҳилидан унча узоқ бўлмаган масофада жойлашган янги аэропортга кўчиш жараёни 5 апрель куни бошланиб, 6 апрелда ниҳоясига етди.

Отатурк аэропортидан янги аэропортга 700та оғир юк ташувчи машинада 50 минг тоннага яқин ускуна ва жиҳозлар ташилди, шунингдек, 300 самолёт ҳам кўчирилди.

Истанбул янги аэропорти Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг 95 йиллиги муносабати билан 2018 йилнинг 29 октябрида расман очилган эди. Бироқ янги аэропортга унинг номи берилмайди, у Истанбул халқаро аэропорти деб аталади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Туркия: Истанбулдаги Отатурк аэропорти фаолиятини тўхтатди

Президент Режаб Тоййип Эрдўғон ташаббубси билан барпо этилган янги аэропорт қурилишига 11 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфланди.

Туркия ҳукумати Истанбул халқаро аэропорти дунёда йўловчи ташувчи энг йирик аэропорт бўлишига умид қилмоқда. Айни пайтда аэропорт йилига 150 миллион йўловчи ташишга мўлжалланган. 2028 йилга келиб, йўловчилар сонини йилига 200 миллионга етказиш режалаштирилган