Исроилдаги сайловда Ғарбий Соҳилни аннексия қилишга ваъда берган Нетаняҳу ғалаба қилди

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу.

Исроил парламентига 9 апрелда ўтказилган сайловда амалдаги Бош вазир Бинямин Нетаняҳу етакчилигидаги консерватив “Ликуд” партияси ғолиб бўлгани эълон қилинди.

10 апрелда эълон қилинган овоз бериш натижаларига кўра, Нетаняҳу партияси парламентдаги 120 ўриндан 65тасига эгалик қилади. Бунинг оқибатида Нетаняҳу бешинчи марта Бош вазир лавозимини бажаришга киришади. Нетаняҳугача ҳеч ким Исроилга беш марта раҳбарлик қилмаган.

-Мен Исроил халқи менга бешинчи марта ишонч билдираётганига ва бу ишонч аввалгиларига қараганда ҳам кучлироқ эканидан мамнунман,-деди Нетаняҳу.

Аввалроқ Бинямин Нетаняҳу сайловда ғолиб чиқса, Исроил босиб олган Фаластинга тегишли Ғарбий Соҳилнинг яҳудийлар яшаётган аҳоли пунктларини аннексия қилиб олишини таъкидлаганди.

Исроил бош вазирининг бу гапларини Фаластин етакчилари кескин қоралади.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Ғўлон тепаликлари, Шарқий Қуддус ҳамда Ғазо минтақасини босиб олган. Исроил кейинчалик Ғазодан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди, аммо Шарқий Қуддусни аннексия қилиб олди. Ғарбий Соҳилда эса Исроил ҳарбий оккупацияси ҳалиям давом этмоқда.

Фаластинликлар ушбу уч ҳудудда ўз мамлакатларини қуришни истайдилар.