Толиблар Жаҳон соғлиқни сақлаш ҳамда Халқаро қизил хоч ташкилотлари фаолиятини ман қилди

Толиблар ўз бошқарувидаги ҳудудларда Халқаро қизил хоч ва Қизил ярим ой жамияти ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлашни ташкилоти фаолиятини “ман қилди”.

11 апрель куни толиблар матбуот котиби Зобиҳуллоҳ Мужоҳид ушбу икки ташкилот эмлаш кампанияси давомида “шубҳали” ишларга қўл ураётганини иддао қилди.

Мужоҳид бошқа ташкилотлар ўз фаолиятини давом эттириши мумкин эканлигини қўшимча қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Афғонистонда полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясини ўтказиб келади.

Ташкилот матбуот котиби Жин Ни AFP агентлиги билан суҳбатда ЖСТ расмийлари вазиятни яхшироқ тушуниш устида ишлаётганини айтди.

Халқаро қизил хоч ва Қизил ярим ой жамияти матбуот котиби Робин Ваудо эса ўз ташкилоти Афғонистондаги фаолиятини вақтинча тўхтатганини маълум қилди.