"Ўзбекистон ҳаво йўллари" тўртинчи Dreamliner учоғини Тошкентга келтирди

13 апрель куни "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиаширкати паркига тўртинчи Boeing 787-8 Dreamliner самолёти келтирилди.

Ширкат сайтида берилган хабарга кўра, бу қимматбаҳо учоқ "рақобатбардошлик ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида" сотиб олинган.

Авиалайнер бизнес салонда 24, оддий йўловчиларга мўлжалланган қисмида эса 222 - жами 246 йўловчини ташишга мўлжалланган.

Расмий маълумотга кўра, миллий авиаширкат Dreamliner самолётлари сонини 6 тага етказишни режалаган.

2016 йилда миллий авиакомпания ўша кезда дунëда энг қиммат ҳисобланган (2018 йилги нархи 239 миллион АҚШ доллари -таҳр.) тўртта Dreamliner учоғига буюртма берганди.

Ўтган йили бу учқичлардан 2 таси, қисқа муддат ичида кетма-кет ишдан чиққани ҳақида, Озодлик миллий авиакомпаниядаги вазиятдан хабардор мулозимларга таяниб хабар қилган, аммо ширкат улар режали равишда техник хизмат кўрсатиш ва модификация учун йўлланган, деб баёнот берганди.