Бухоро ИИБ тармоқларда шов-шув бўлган 1 млрд. сўмлик жаримага изоҳ берди

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси (ИИБ) ҳайдовчилардан бирига йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун юборилган 1 миллиард 13 миллион сўмдан ошиқ миқдордаги жаримага изоҳ берди.

Daryo.uz нашрининг вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, бухоролик ҳайдовчига юборилган 1 миллиард 13 миллион 652 минг 19 сўмлик миқдор жарима бланкасига техник хато боис тушиб қолган.

Асл жарима миқдори эса энг кам иш ҳақининг ярми — 101 минг 365 сўм миқдорида бўлган. Бланкага ёзилганда, техник хато боис, "2019" йил рақамлари бу суммага қўшилиб қолган.

Маҳаллий нашрга изоҳ бераркан, Бухоро ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати айни пайтда хато бартараф этилгани, Lacetti машинасида йўл ҳаракати қоидасини бузган бухоролик ҳайдовчи У.М. эса қонунда белгиланган жаримани тўлашини қайд этди.