Москвада жосусликда айбланган Норвегия фуқароси 14 йилга қамалди (ВИДЕО)

Фруде Берг.

Москва суди 16 апрель куни 63 ёшли Норвегия фуқароси Фруде Бергни жосусликда айбдор деб топиб, 14 йилга қамаш тўғрисида ҳукм чиқарди.

-Жаноб Берг ўзининг айбдор эканини тан олмади. Бироқ суд қораловчининг талабини қондириб, уни 14 йилга қамади. Жаноб Берг апрель ойининг охирлари ва май ойининг бошларида президентдан афв сўраб мурожаат қилиши ҳам мумкин, - деди Бергнинг адвокати Илья Новиков.

Берг Норвегия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, 2017 йилнинг декабрида Москвада қўлга олинган эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Россияда жосусликда айбланган норвегиялик узоқ муддатга қамалди

Тергов версиясига кўра, Россиянинг Мурманск вилояти билан чегарадош Финнмарк округи чегара нозири бўлган Берг Норвегия ҳарбий разведкаси илтимоси билан Россияга хизмат сафарлари билан келган ва рус атом сув ости кемалари тўғрисида маълумотларни йиққан.

Кемалар ҳақидаги маълумотларни унга Россиядаги ҳарбий заводлардан бирининг ходими етказиб турган. «Росбалт» агентлигининг билдиришича, бу 24 ёшли Россия фуқароси Алексей Житнюк бўлиб, у давлатга хиёнатда айбланиб қўлга олинган.