Қирғизистон президентининг Германияга сафари доирасида 1 миллиард евродан кўпроқ шартномалар имзоланди

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков ва Германия канцлери Ангела Меркель Берлиндаги матбуот анжуманида. 2019 йил 16 апрель.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековнинг Германияга расмий сафари доирасида икки давлат бизнесменлари ўртасида 1 миллиард евродан кўпроқ шартномалар имзоланди.

Бу ҳақда Сўўрўнбай Жээнбеков 16 апрель куни Берлинда ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Жээнбековнинг Германия сафари 2 кун давом этди. У Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ҳамда канцлер Ангела Меркель билан музокаралар ўтказди.

Меркель Қирғизистон ва Германия тадбиркорлари ўртасида Мюнхенда ўтган бизнес форумда эришилган келишувларни қўллаб-қувватлади.

«Бу форум қирғиз ва немис бизнесменлари ўртасидаги янада кучлироқ ҳамкорликнинг бошланиш нуқтаси бўлади, деб умид қиламан», деди канцлер.