Покистонда автобусга қилинган ҳужумда 14 йўловчи ҳалок бўлди

Покистон жануби-ғарбида номаълум шахслар йўловчи автобусга ҳужум қилди ва натижада 14 нафар одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат расмийлари билдирди.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, 18 апрель куни қуролли шахслар Карочидан Гвадарга кетаётган автобусни тўхтатиб, йўловчиларни автобусдан тушишга мажбурлаган.

Тирик қолган йўловчиларнинг айтишича, қуролли шахслар автобусдагиларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиб, фақат айрим шахсларни отиб ўлдирган. Ҳужумни ким нима мақсадда амалга оширгани ҳозирча номаълум.

Балужистан вилояти губернатори матбуот котиби Мир Заҳур Буледи Озодликнинг Машъал радиосига берган интервьюсида ҳодиса Макрал йўлида содир бўлганини айтди. Ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз бўйнига олгани йўқ.

Балужистан вилоятида айирмачилар ҳамда исломий жангарилар тармоқлари чуқур ўрнашиб олган.