Адлия вазирлиги экс-президент тузган партияни "бошқа одамга ўтказиб берди"

Сағинбек Абдраҳманов (суратда) Алмазбек Атамбаев тузган партиянинг лидери сифатида расман тан олинди.

Қирғизистон Адлия вазирлиги Қирғизистон Социал-демократик партиясининг (ҚСДП) расмий қайд ҳужжатларига ўзгартириш киритди.

Жумладан, қайддан ўтказилгани тўғрисидаги ҳужжатнинг янги версиясида ҚСДП раҳбари сифатида Алмазбек Атамбаев ўрнига Сағинбек Абдраҳманов кўрсатилган.

Шунингдек, партиянинг юридик манзили ҳам ўзгартирилган.

Бу ҳақда Қирғизистон Адлия вазирлиги хабар қилди.

3 апрель куни «Атамбаевсиз ҚСДП» ҳаракати раиси Сагинбек Абдраҳманов раҳбарлигида партия қурултойи бўлиб ўтган эди. Анжуман якунларига кўра, унинг ўзи партия раиси этиб сайланган.

6 апрелда эса, Атамбаев етакчилигидаги ҚСДП съезди бўлиб ўтган.

Собиқ президент Атамбаевнинг тарафдорлари Адлия вазирлигининг партия ҳужжатларига ўзгартиш киритганини қоралаб, партия рейдерлик йўли билан босиб олинди, демоқда.