Шри-Ланкадаги портлашларда қурбон бўлганлар сони 300 нафарга яқинлашди (ВИДЕО)

Шри-Ланкада ҳалок бўлганларнинг қариндошлари.

Шри-Ланкада 21 апрель куни содир бўлган 8 портлаш чоғида 290 киши нобуд бўлди. Бу ҳақда мамлакат полицияси душанба куни эрталаб маълумот тарқатди. Қурбонларнинг камида 32 нафари хорижлик бўлиб, улар орасида АҚШ, Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Дания, Ҳолландия, Британия ва Япония ватандошлари бор. Ҳужумлар чоғида яраланган 500 дан зиёд одам касалхоналарга етказилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Шри-Ланкадаги портлаш қурбонлари сони 290 нафарга етди

Портлашлар Пасха ибодати ўтаётган уч черковда ҳамда пойтахт Коломбодаги бир неча меҳмонхонада содир бўлган. Ҳужум ортида ким тургани ҳали аниқ эмас, бироқ полиция портлаш содир бўлган куниёқ бир неча кишини ҳибсга олган.

Аввалроқ жорий этилган комендантлик соати бугунга келиб бекор қилинди, бироқ гувоҳларга кўра, ҳарбийлар портлатилмиш меҳмонхоналар жойлашган кўчани қўриқлашда давом этмоқда.

Шри-Ланка ҳукумати портлашлар турли дин мансублари ўртасида катта тўқнашувлар келтириб чиқариши мумкинлигидан хавфсирамоқда. Полиция маълумотларига кўра, якшанба куни бир масжид ва мусулмонларга қарашли икки дўконга ўт қўйишга уринилган.