Покистон ва Эрон чегарада террорчиликка қарши ҳамкорликда курашишга келишиб олди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний (ўнгда) ва Покистон Бош вазири Имрон Хон.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва Покистон Бош вазири Имрон Хон 22 апрель куни чегарада террорчиликка қарши ҳамкорликда курашувчи кучларни ташкил этишга келишиб олди.

-Террорчилик муаммоси мамлакатларимизни душманга айлантираётган, давлатларимиз ўртасидаги келишмовчиликларга сабаб бўлаётган асосий муаммога айланаёзганди. Шунинг учун хавфсизлик хизмати бошлиғи билан биргаликда Эронга келишим муҳим эди, биз бу масалани ҳал этишимиз лозим эди, - деди Имрон Хон Теҳронда Ҳасан Руҳоний билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.

Сўнгги бир неча ойдан бери икки давлат бир-бирини чегараларда террорчиларга қарши етарли даражада курашмаётганликда айблаб келаётган эди.

Икки давлат чегарасидаги сўнгги ҳужумлардан бири 18 апрель куни бўлган. Покистоннинг Балужистон вилоятида 15 кишидан иборат қуролли гуруҳ ҳарбийларга ҳужум қилган ва отишмада 14 ҳарбий ҳалок бўлганди.

Покистон мазкур қуролли гуруҳ Эрон ҳудудидан Покистонга ўтганини билдириб, Теҳронни террорчиларга қарши курашга чақирган.

Имрон Хон Бош вазир бўлагиндан бери Эронга 21 апрель куни биринчи марта расмий ташриф билан келди. Хабарларда айтилишича, ташрифдан асосий мақсад “террорчиликка қарши кураш ва чегараларни мустаҳкамлаш”ни муҳокама қилиш бўлган.