Қозоғистон ва Жанубий Корея "Янги шабада" дастурини амалга оширади

Корея президенти Мун Чже Ин (чапда) ва Қозоғистон муваққат президенти Қосимжўмарт Тўқаев.

Қозоғистон ва Жанубий Корея иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан “Янги шабада” дастурини амалга оширишга келишиб олди.

Бу ҳақда Нурсултонда муваққат президент Қосимжўмарт Тўқаев билан 22 апрелда музокара ўтказган Корея президенти Мун Чже Ин матбуот анжуманида маълум қилди. Лекин Корея раҳбари мазкур дастурнинг тафсилотларини очиқламади.

Қосимжўмарт Тўқаев эса :

-Бугун биз Корея Республикаси билан стратегик ҳамкорликка эришдик деб айта оламиз,- деб баёнот берди.

Мун Чжэ Ин Марказий Осиё сафарини 16 апрель куни Туркманистондан бошлаган эди. 18 апрелгача Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказган Жанубий Корея президенти 18−21 апрель кунлари Ўзбекистонда, 21−23 апрель кунлари Қозоғистонда бўлди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Мун Чжэ Иннинг Тошкентга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон билан 12 миллиард доллардан зиёд қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича битимлар имзолангани ҳақида хабар берган.