Диний идора ҳажга бориш "10 млн. сўмга арзонлаган"ини иддао қилди

Жорий йилда Ўзбекистонда ҳаж сафари 10 миллион сўмга арзонлади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси расман маълум қилди.

Хабарда айтилишича, 2018 йилда ҳажга бориш учун ҳар бир одам 38 миллион сўмдан ҳақ тўлаган.

2019 йилдан Саудия Арабистонида барча хизматларга 5 фоизлик қўшилган қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга 2,5 фоизлик солиқ киритилди. Шунга кўра бу йил ҳаж зиёрати сарф-харажатлари тахминан 42-43 миллион сўм бўлиши кутилаётган эди”, деб билдирди диний идора.

Саудия Арабистони билан олиб борилган музокаралар ортидан ҳаж сафари харажатларини 33 миллион 300 минг сўмга туширишга эришилган.

Расман билдирилишича, жорий йилда Умра сафари ҳам ўтган йилга нисбатан 1 миллион 300 минг сўмга арзонлашди.

2016 йилгача ҳар йили Ўзбекистондан ҳажга боришга 5 минг нафардан кўпроқ одамга рухсат берилар эди.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонга ҳаж квотаси 7200 нафар деб белгиланди.

Бундан ташқари 2018 йилдан бошлаб ўзбекистонликлар йил давомида квотасиз Умра зиёратига бориш имкониятига эга бўлдилар.