Индонезияда сайлов пайтида зўриқиш ва чарчоқдан юздан ортиқ одам вафот этди

Индонезияда ўтган сайлов пайтида сайлов комиссияларининг камида 92 аъзоси зўриқишдан вафот этди ва 374 нафари касалхонага ётқизилди. Бундан ташқари зўриқиш ва чарчоқ оқибатида 15 нафар полициячи ҳам вафот этди.

Индонезия марказий сайлов комиссияси раиси Ориф Будиманнинг айтишича, зўриқиш ва чарчоққа иш кунининг тўхтовсиз 24 соат давом этгани сабаб бўлган. Ориф Будиман вафот этган сайлов комиссияси аъзоларининг оилаларига 16-36 миллион рупий миқдорида товон пули тўланишини маълум қилди.

Индонезияда 17 апрелда ўтган сайлов жаҳондаги энг катта сайлов бўлди. Индонезияликлар президентни, парламент депутатларини, шаҳар ва вилоятлар қонун чиқариш органлари аъзоларини сайладилар.

Мамлакатда 800 мингта сайлов участкаси ташкил этилди. Овоз беришда 192 миллион сайловчининг 80 фоизи иштирок этди.