БМТ: 2019 йилнинг илк чорагида коалиция кучлари толиблардан кўра кўпроқ оддий фуқарони ўлдирди

Афғонистонликлар ҳужумдан яраланган ҳамшаҳрини касалхонага олиб кетмоқда. Кобул, 2019, 7 март.

БМТ эълон қилган ҳисоботда эътироф этилишича, 2019 йилнинг дастлабки уч ойида Афғонистон ҳукумати кучлари ҳамда АҚШ қўшинлари толиблар ва бошқа жангариларга қиёслаганда кўпроқ оддий фуқаро ўлимига сабаб бўлган. 2009 йилда маълумот тўплана бошланганидан бери бундай ҳолат илк маротаба кузатилмоқда.

БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссияси (UNAMA ) ҳисоботига кўра, 2019 йилнинг биринчи чорагида уруш қурбонлари ўтган йилга қиёслаганда 25 фоизга озайган. Хусусан, жорий йилнинг уч ойида 581 оддий фуқаро ҳалок бўлган, 1192 нафар одам жароҳат олган.

UNAMA етакчиси Тадамичи Ямамото хавотирли даражада кўп сонли оддий фуқаро ҳалок бўлаётганини ва жароҳат олаётганини айтиб, тарафларни оддий фуқароларни ҳимоя қилиш учун кўпроқ чора кўришга чорлади.

Ямамото жангарилар оддий фуқароларни атайин нишонга олишни ҳамда қўлбола бомбалардан фойдаланишни тўхтатиши кераклигини таъкидлади. Ямамото, шунингдек, ҳукумат кучлари ҳаво ҳужумлари ва қидирув амалиётлари давомида оддий фуқаролар хавфсизлигини таъминлаши кераклигини қўшимча қилди.