Зеленский ҳукуматни газ нархини пастлатиш учун ХВЖ билан музокара бошлашга чақирди

Украинанинг сайланган президенти Владимир Зеленский

Украина президенти сайловида ғолиб чиққан Владимир Зеленский мамлакат ҳукуматини ҳамда “Нафтогаз” давлат энергия ширкатини 1 майдан бошлаб табиий газ нархини тушириш учун Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) билан музокара бошлашга чақирди.

Украинага бир неча миллиард доллар кредит берган ХВЖ мамлакатда газ нархи бозор нархига мутаносиб бўлиши тарафдоридир. Аммо 21 апрель куни ўтказилган сайловда ғалаба қозонган Зеленский 24 апрель куни нархлар пастроқ бўлишини исташини маълум қилди.

Зеленскийнинг Facebook саҳифасида эълон қилинган баёнотида “Келинг, қуруқ сўз билан эмас, балки ҳаракатларимиз билан халқ манфаатларини кўзловчи қарорларни қабул қила олишимизни кўрсатайлик”, дейилади.

“Охирги тўрт ой давомида Европада газ нархлари пастлади, аммо ҳозир Украина халқи учун газ нархи Европа бозоридагидан юқорироқ”.

Ўтган йилнинг октябрида Украина ҳукумати ХВЖдан 3,9 миллиард доллар ёрдам олиш учун газ нархларини деярли 1/4 га кўтарган эди. Эришилган келишувга биноан, 1 майдан газ нархлари яна 15 фоизга кўтарилиши керак.

Аммо ҳафта бошида ҳукумат ва “Нафтогаз” тарифларни бироз пастлатишга келишиб олди.