Шри -Ланкада террордан ҳалок бўлганлар сони 360га яқинлашди

Ҳалок бўлганлардан бирининг қариндоши дафн маросимида.

Шри-Ланкада 21 апрель куни содир этилган террор ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони 359 нафарга етди. Шу кунгача террорга алоқадорликда гумонланаётган 60 одам қўлга олинди.

Мазкур ҳужум учун масъулиятни 23 апрель куни “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олган эди. Бироқ Шри-Ланка ҳукумати террорда маҳаллий “Жамоатул Таҳвид ал Ватания” гуруҳини айбламоқда.

Аввалроқ АҚШ ва қатор Ғарб давлатлари разведкалари Шри-Ланка ҳукуматини “халқаро террор тармоғига кирувчи гуруҳлар” ҳужум қилиши мумкинлигидан огоҳлантирганлари ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Шри-Ланка мудофаа вазири ўринбосари Руван Вийевардене 24 апрель куни ўтган матбуот анжуманида бу маълумотни тасдиқлади:

-Ўз ўзидан ҳукумат ҳам, разведка ҳам ишончни йўқотди. Бунинг учун масъулиятни зиммамизга олишимиз керак. Агар разведка маълумотлари тегишли тузилмалар ва одамларга ўз вақтида етказилганида эди, бу фожианинг олди олинар эди, деб ҳисоблайман, - деди расмий.

Шри-Ланкада 21 апрель куни содир этилган 8 портлаш чоғида камида 200 киши ҳалок бўлган ва 600га яқин одам яраланган эди.

Қурбонларнинг камида 32 нафари хорижлик бўлиб, улар орасида АҚШ, Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Дания, Ҳолландия, Британия ва Япония ватандошлари бор.