Милиция маҳаллаларнинг 78 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаганини иддао қилди

Ўзбек милиционерлари.

Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистондаги маҳаллаларнинг 78 фоизида январдан март ойигача умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмаганини иддао қилди.

Вазирлик матбуот хизматининг 28 апрелда хабар беришича, ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида 2019 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан барча жиноятлар сони 31,6 фоизга, жиноят-қидирув йўналишида содир этилган жиноятлар 40,8 фоизга озайтирилгани таъкидланди.

Айни пайтда йиғилишда “айрим ҳудудларда жиноятларни барвақт олдини олишда кузатилаётган камчиликлар танқид қилинди”.

Бундан ташқари “жиноятларнинг баъзи турлари бўйича ўсиш кузатилган вилоятлар, шаҳар ва туман ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди ҳамда бир қатор раҳбарлар камчиликларни бартараф этиш юзасидан огоҳлантирилди”.