Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласини муҳокама қилувчи Лоя Жирға иш бошлади

Лоя жирға делегатлари.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 29 апрель куни Лоя Жирғанинг тўрт кунлик йиғилишини очиб берди.

Афғонистоннинг энг асосий маслаҳат органи бўлган Лоя Жирға йиғилишида 3200 делегат иштирок этмоқда. Улар Толибон билан тинчлик битимига эришиш масаласини муҳокама қиладилар.

-Лоя Жирға делегатларининг вазифаларидан бири Толибон тинчликка тайёрми ёки тайёр эмасми, деган саволга жавоб топишдир. Сизлар одамларнинг тинчлик борасидаги орзу интилишларидан келиб чиқиб фаолият юритмоқдасиз. Одамлар сизлардан тинчлик ва барқарорлик масаласини муҳокама қилишингизни кутмоқда,-деди Ашраф Ғани.

Лоя Жирға сиёсатчилар, қабилалар оқсоқоллари ҳамда бошқа йирик арбоблардан таркиб топган тузилмадир. Бироқ унинг 29 апрелдаги очилиш маросимига Бош вазир Абдулла Абдулла келмади.