Таиланд қироли ўз тансоқчисига уйланди. Бу унинг тўртинчи хотини

Қирол бўлажак қироличага тўй совғасини бермоқда.

Бир неча кундан кейин Рама X номи билан расман тахтга ўтирадиган Таиланд қироли Маха Вачиралонгкорн ўзини қўриқлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, генерал Сутхиде Тижайга уйланди. Қиролнинг хотинига Қиролича Сутхида деган ном берилди.

Reuters агентлигининг 2 май куни билдиришча, тўй ҳақидаги хабар қироллик газетасида эълон қилинди ва тўй лавҳалари телеканалларда намойиш этилди.

Сутхида Тижай Тайиланд ҳаво йўлларида стюардесса бўлиб ишлаган. У 2014 йилда шаҳзода Маханинг тан соқчилари қаторига қўшилган эди. Икки йилдан сўнг у генерал унвонини олди ва яна бир йилдан сўнг у қиролни қўриқлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари бўлди.

Тўй қирол расман тахтга ўтиришидан бир неча кун аввал бўлди. Қирол Рама Xга тож кийдириш маросими 4 майдан 6 майгача бўлиб ўтади.

66 ёшли қирол бундан аввал ҳам уч марта уйланган ва ажрашган. Унинг аввалги хотинларидан етти нафар фарзанди бор.

Рама X 2016 йилда вафот этган қирол Пхумипон Адульядет ўрнига тахтга ўтирмоқда. Пхумипон 70 йил ҳукумаронлик қилган.