Истанбул мэрлигига сайлов натижалари бекор қилинди

Истанбул мэрлигига сайловда Экрем Имомўғлу ғолиб чиққани расман эълон қилинган эди.

Туркия Олий сайлов комиссияси Истанбул мэрлигига ўтказилган сайлов натижаларини бекор қилди ва қайта сайлов ўтказиш тўғрисида қарор чиқарди. Anadolu агентлигининг ёзишича, навбатдаги сайлов 23 июнда ўтказилади.

Олий сайлов комиссияси мартнинг охирида Истанбул мэрлигига ўтган сайловда мухолифат номзоди Экрем Имомўғлу ғолиб чиққанини 18 апрелда расман эълон қилган ва унга мэрлик мандатини топширган эди.

Президент Режаб Тоййип Эрдўғоннинг АК партияси бу билан 1994 йилдан бери биринчи марта Истанбулда ҳокимиятни мухолифатга топширган.

Эрдўғон тарафдорлари овоз бериш натижалари сохталаштирилганини иддао қилиб, қайта сайлов ўтказишни талаб қилиб келаётганди.

Туркияда 31 март куни ўтган маҳаллий сайловларда 57 миллион сайловчи овоз берди. Мазкур сайловнинг дастлабки натижаларига асосан пойтахт Анқара ва Истанбулда мухолифат ғолиб бўлганди.