Қозоғистонда Қирғизистоннинг Kaktus.media сайти очилмаяпти

Иллюстратив сурат.

Қозоғистонда бир неча кундан бери Қирғизистоннинг Kaktus.media сайти очилмаяпти. Бу ҳақда сайт асосчиси Дина Масловага таянган ҳолда Озодлик радиосининг қирғиз хизмати 6 май куни хабар берди.

Дина Масловага кўра, Kaktus.media нашри Қозоғистонда 21 апрелда бўлиб ўтган норозилик тадбири тўғрисида хабар бергани ортидан тўсиб қўйилган бўлиши эҳтимол.

Бироқ Қозоғистон Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги расмий сайтидаги маълумотда Kaktus.media тақиқланган сайтлар рўйхатида йўқлигини кўриш мумкин.

21 апрель куни фаоллар Асия Тулесова ва Бейбарис Толимбеков Оламотадаги марафон пайтида ҳукуматга норозилик сўзлари ёзилган плакатларни кўтариб пикет ўтказган эдилар. Улар бу ҳаракатлари учун 15 суткага қамалган.

26 апрель куни Amnesty International халқаро ташкилоти Асия Тулесова ва Бейбарис Толимбековни виждон тутқунлари, деб эълон қилди.