Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ўзбекистонлик олигархга берилди

Индонезияда жойлашган «РТ Trans Asia Resources» ширкати эгаси Аъзам Асланов Фрағона нефтни қайта ишлаш заводининг янги эгаси сифатида Мирзиëев билан учрашди.

Президентнинг махсус қарори билан Фарғона водийсидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводининг 100 фоизлик улушига эгалик ҳақини олган Индонезиянинг «РТ Trans Asia Resources» ширкати эгалари асли ўзбекистонлик Аслановлардир.

Ҳозирга қадар расмий матбуотда “соҳада катта тажрибаси, жаҳон бозорида ўз ўрни бор” хорижий инвестор деб тақдим этилган «РТ Trans Asia Resources» ширкати эгаси Аъзам Асланов Мирзиëевнинг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига қилган ташрифи чоғида у билан учрашди.

Президент матбуот хизмати “инвестор” деб исми-шарифини очиқламаган Асланов ширкати ва Тошкент ҳукумати билан тузилган келишувга мувофиқ “заводга жорий йилнинг ўзида камида 300 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этилади. Бу маблағ эвазига икки ой давомида ҳозирда ишламай турган 11 қурилманинг 7 тасидан фойдаланиш тикланади. Бунинг натижасида 7 минг 100 та иш жойлари сақлаб қолинади”.

Асли ўзбекистонлик деб айтиладиган Аслановлар ва уларнинг бизнесига оид очиқ манбаларда деярли маълумот йўқ - Фарғона заводига 875 миллион доллардан кўпроқ инвестиция киритиши айтилаëтган «РТ Trans Asia Resources» ширкатининг расмий сайти ҳам мавжуд эмас.

2018 йилнинг 12 июнь куни вилоят фаоллари билан йиғилишда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг “каламушлар”¸ “фарғоналик келинлар” ва “Фарғонани ўғирлаган тўда” қўлида бўлганини айтган Мирзиëев¸ бу сифат берилганлар шахсини очиқламаган эди.

Фарғона водийсидаги сердаромад ишлаб чиқариш ва хизматларнинг Ислом Каримовнинг қайинсингли Тамара Собирова ва унинг ўғли Акбарали Абдуллаев томонидан назорат қилингани айтилади.

Фарғона нефтни қайта ишлаб заводи билан боғлиқ жиноятларда айбланган Акбарали Абдуллаев ҳозирда қочқинликда яшамоқда.