Солиқ қўмитаси аттестация бошланганини тасдиқлади¸ "қора рўйхат" борлигини инкор қилди

Озодликнинг 6 май кунги “Солиқ қўмитасида президент танқидига учраган аттестацияга старт берилди” сарлавҳали мақоласига берган расмий жавобида Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати аттестация жараëни бораëтганини эътироф этди.

Айни пайтда¸ қўмита бу жараëннинг “ноқулай одамларни йўқотиш” мақсадида ўтказилаëтгани ва бундай одамларнинг “қора рўйхати” борлигини рад қилди.

Матбуот хизмати Озодликка йўллаган жавобда¸ аттестациянинг дастлаб Тошкент шаҳар Миробод туманида бошлангани ва унинг қўмита томонидан тасдиқланган регламентга мувофиқ ўтказилаëтгани айтиалди.

Июнь ойи охирига қадар давом этадиган аттестация жараëнида¸ айтилишича¸ инспекция ва бошқармалар раҳбари эмас¸ балки фақат инспекторлар солиқ концепцияси бўйича имтиҳон қилинади ва бу жараëн¸ келишмовчиликлар олдини олиш учун¸ видеокамерага ëзиб олинади.

Озодликда нусхаси мавжуд аттестация ўтказиш жадвалига кўра, 6 майдан 20 майгача Солиқ қўмитаси марказий аппарати ва Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органларининг барча лавозимдаги мансабдор ходимлари - ҳаммаси бўлиб 1494 мулозим аттестациядан ўтади.

Озодликка шахси сир қолишини сўраб гапирган солиқ тизими ходимлари мамлакат бўйлаб 600 солиқчи "қора рўйхат"га киритилгани ва уларнинг аттестациядан ўтмади¸ деган асосда ишдан ҳайдалиши муқаррарлигини иддао қилди.

Президент Шавкат Мирзиëев солиқ ходимлари ишини кескин танқид қилиб¸ Тошкентнинг 7 тумани солиқ инспекцияси раҳбарини бир кунда ишдан олгани ортидан¸ тизимда ишдан ҳайдаш ва қисқартириш жараëни бошланди.