МИБ ривожлантириш жамғармаси 5 млрд сўмга қурган "Сой бўйи" сайлгоҳи 9 майда очилди

“Сой бўйи” сайлгоҳи. Сурат Бош прокуратуранинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, сайлгоҳ лойиҳасига кирувчи турли объектлар қурилишига Бош прокуратура ҳамда Тошкент шаҳар прокуратураси ходимлари "бош-қош бўлди".

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Қорасарой кўчасидан Тараққиёт кўчаси бўйлаб то Келес йўли кўчасигача бўлган “Дамариқ” каналининг соҳилбўйи ҳудудида “Сой бўйи” сайлгоҳини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилди.

Сайлгоҳда Бухоро шаҳридаги Минораи калон, Лондондаги “Биг-Бен”, Пиза шаҳридаги қийшиқ минора каби таниқли иморатлар макетлари, умумий овқатланиш шоҳобчалари, болалар учун ўйингоҳлар барпо этилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати 2018 йилнинг 30 ноябрида “Сой бўйи” сайилгоҳи Мажбурий ижро бюроси ривожлантириш жамғармасининг 5,0 млрд. сўм маблағи ҳисобидан амалга оширилажагини хабар қилган эди.

МИБ сайлгоҳ қурилишини Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил, 30 июлидаги фармойишига биноан амалга оширди.