Албанияда мухолифат тарафдорлари полиция билан тўқнашди

Албанияда мухолиф партия тарафдорлари пойтахт Тиранада сўл қанот ҳукумат истеъфосини талаб қилиб норозилик намойишига чиқди.

11 май куни намойишчилар Тиранада хавфсизлик ходимларига қарата салют, Молотов коктейли ва бошқа жисмларни улоқтирди.

Мухолифат 2017 йил ўтказилган парламент сайловларида қонунбузарликларга йўл қўйилганини айтиб, намойиш уюштириб келади. Мухолифат, шунингдек, Рама маҳкамасини уюшган жиноятчиликка алоқадорликда айблайди.

Бош вазир Эди Раманинг социалист ҳукумати бу айбловларни рад этган.

Европа Иттифоқи ва АҚШ амалдаги ҳукуматни қўллаб, мухолифатни парламентга қайтишга ҳамда 30 июнга белгиланган маҳаллий сайловларда иштирок этишга чорлаяпти.

Албания ички ишлар вазири Сандер Ллешай намойишчилар билан тўқнашувлар давомида 13 нафар полиция ходими жароҳатланганини маълум қилди.

АҚШ ва Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тарафларни зўравонликка йўл қўймасликка чорлади.