Расман: Абитуриентлар учта олийгоҳда ўтказиладиган танловда иштирок этиши мумкин

2018 йилги тест синови пайтида олинган сурат.

Абитуриентлар бундан буён бакалавриат йўналиши бўйича бирданига учта олийгоҳда ўтказиладиган танловда иштирок этиши мумкин.

Адлия вазирлигининг 13 майда хабар беришича, бунинг учун тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлиши шарт. Мазкур янгилик 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб амал қилади.

Вазирликнинг билдиришича, президентнинг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисид”аги қарорида бу ҳақда сўз боради.

Қарорга асосан 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олийгоҳларга кириш учун тест синовлари июль-август ойларида ўтказилади.

Давлат тест маркази абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумотни синов ўтказилган куннинг эртасига, абитуриентнинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича натижани тест синовлари тўлиқ якунланганидан кейин бир ҳафта ичида расмий веб-сайтида эълон қилиши шарт.