Трамп: АҚШ Яқин Шарққа 120 минг ҳарбий жўнатиши тўғрисидаги хабар ёлғон

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп The New York Times газетасининг Эрон томонидан таҳдидли вазият яратиладиган бўлса Вашингтон Яқин Шарққа 120 минг ҳарбийни жўнатиш режасини ишлаб чиққани тўғрисидаги хабарини инкор этди.

-Мен ўйлайманки, бу ёлғон хабар. Тушундингизми? Мен шундай қилган бўлармидим? Бизда бундай режа йўқ, - деди Трамп Оқ уйда журналистлар саволларига жавоб берар экан.

The New York Times газетаси Оқ Уйдаги манбасига таянган ҳолда Яқин Шарққа 120 минг ҳарбийни жўнатиш режасини президентга мудофаа вазири вазифасини вақтинча бажараётган Патрик Шанахан тақдим этганини ёзган.

Айни пайтда 14 май куни Сочида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ўтган музокаралардан сўнг АҚШ давлат котиби Майк Помпео журналистларга Вашингтон Эронга қарши уруш бошлаш ниятида эмаслигини таъкидлади. “Бироқ АҚШ Эрон сиёсатининг ўзгартирилишига эришиш ниятида собитдир”, деди Помпео.