Зеленский 20 майда Украина президенти сифатида қасамёдга келтирилади

Украинанинг сайланган президенти Владимир Зеленский.

Украина парламенти сайланган президент Владимир Зеленскийнинг инаугурация маросими 20 май куни ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилди.

-Биз 20 май куни соат 10да Украина Олий Радасининг тантанали мажлисини ўтказиш ва сайланган президент Зеленскийни қасамёдга келтириш тўғрисидаги қарорни қабул қилдик, - деди парламент раиси Андрей Парубий.

Зеленский президентлик сайловининг 21 апрелда ўтган иккинчи босқичида амалдаги президент Петро Порошенкодан устун келган эди. Зеленскийга сайловчиларнинг 73 фоизи овоз берган.

Зеленский сайланганидан сўнг парламентни тарқатиш ва навбатдан ташқари сайлов ўтказиш ташаббусини кўтарган.